22:18 Ertaklar shahri – Turkiyaga sayyohat | |
Туркия қадимий тарихи ва анъаналари билан сайёҳларни ўзига ром қиладиган мамлакатлардан. Бу мамлакатда сайёҳларнинг дам олишлари учун юксак даражада хизмат турлари яратилган. Туркия ҳақида кўп эслар эканмиз, бу мамлакатда ёдда қолган таассуротларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин.
Европа Жанубий-Шарқи ва Осиё ғарбида жойлашган Туркия сайёҳларни нима учун ўзига жалб қилади? Бу саволга “бу мамлакатнинг денгизи тоза, денгизларида акула ва медузалар йўқ” деб жавоб бериш керак.
Мамлакат 7та маъмурий ҳудуддан – Мармара (Marmara), Эгей минтақаси (Ege), Ўрта Ер денгизи минтақаси (Akdeniz), Жанубий-Шарқий минтақа (Guney Dogu), Шарқий (Dogu), Қора денгиз (Karadeniz), Марказий Анатолия (Ic Anadolu)дан ташкил топган. Пойтахти Анқара. Йирик шаҳарлари – Истамбул, Анқара, Измир, Бурса, Адана, Трабзон.
Туркия – тоғлар мамлакатидир. Бу мамлакат кўл ва дарёларга ҳам бой.
Табиати хилма-хил ва ноёбдир. Мамлакатда ўсимликларнинг 6 мингдан ортиқ тури бор. Ҳайвонот дунёси ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдириш мумкин.
Автомобиллар ижараси. Автомобилларни ижарага олиш мумкин. Бунинг учун паспорт ёки унинг нусхасини ва ҳайдовчилик гувоҳномасини топшириш керак бўлади. Автомобиллар 21 ёшдан ошган катталарга берилади. Автомобилларни ҳайдовчиси билан ижарага олишингиз ҳам мумкин. Ижара пунктлари ҳар бир меҳмонхона ва аҳоли пунктларида бор.
Туркияда тиббий хизмат кўрсатиш пулли. Барча масалалар бўйича суғурта компаниясига мурожаат қилишингиз керак бўлади.
Сув. Крандаги сувдан ичиш тавсия қилинмайди. Яхшиси пластик шишалардаги сувни харид қилганингиз маъқул.
Турклар автобус ва маршрут таксиларда юришни севишади. Кунинг ҳар қандай вақтида ўзингиз хоҳлаган йўналиш бўйича автобусга ўтиришингиз мумкин. Таксилар иккига – кундузги ва тунги таксиларга бўлинади. Тунги таксилар ҳақи икки баробар қиммат. Йўлкира борасида таксичи билан, албатта, аввалдан келишиб олишингиз керак бўлади. Бекатлар “B” харфи билан ажралиб туради.
Дўконларнинг аниқ иш вақти белгиланмаган. Ёз кунлари тун ярмига қадар ишлайди. Бозорда, албатта, савдолашишингиз керак. Ўзбеклар каби туркларнинг бу анъанаси туфайли пулингизни тежаш имконияти пайдо бўлади.
Ҳамма жойда суратга тушиш мумкин. Фақат хавфсизлик ҳудуди бундан мустасно. Музейларда суратга тушиш учун алоҳида ҳақ тўлашингиз керак.
Туркияда бар, ресторан, меҳмонхоналарда хизмат кўрсатувчиларга, албатта, чойчақа беришингиз керак бўлади. Бунинг учун аниқ рақам айтилмайди. Ўзингизнинг чўнтагингизга қараб берасиз чойчақани.
Туркияга борган сайёҳлар кўзнинг расми туширилган сувенерларни харид қилишлари керак. “Назар” деб номланувчи бу тумор кўз тегишдан сақлайди, деган қарашлар мавжуд.
Туркия халқи ширинликларни севишади. Суҳбатлар асосан ширинлик ва қаҳва ичиш билан бошланади. “Ширинлик еб-ширин суҳбат қурдик” дейишади турклар. Туркияда ҳар куни кунбўйи чой ичишади.
Турклар билан суҳбатга вақтни ҳисоблаб бориш керак эмас, чунки суҳбат анча чўзилиб кетиши ва белгиланган вақтдан ўтиб кетиши ҳам мумкин. Турклар хафа бўлмасин десангиз, у ҳолда Истамбулни асло Константинопол дея кўрманг.
Турк таомлари хорижий сайёҳларни ўзига ром қилиши шубҳасиз. Улар мол ва қўй гўштидан тайёрланган – “донер” ва “кабоб”лари билан фахрланишади.
Туркия курортларида банклар дам олишсиз, аэропортларда эса кеча-ю кундуз ишлайди.
Туркиядаги археологик ёдгорликлар дам олишсиз ҳар куни 8:00 дан 18:00га қадар танафуссиз ишлайди.
Музейлари эса душанба куни дам олади. Қолган кунлари 8:30 дан 17:30 гача фаолият юритади (танаффус 12:00 дан 13:00га қадар).
Туркияга борганлар “Шарқ дарвозаси”, деб аталмиш Истамбулни кўришлари керак. Бу шаҳардаги тарихий обидалар, қадимий бозор, таомлари, сарой ва музейлари ёдингизда умрбод қолиши, шубҳасиз.
Умуман Туркия – эртаклар шаҳри.
Manba: "darakchi.uz"
| |
|