22:41 Пропан газ қўйиш шохобчалари қисқартирилади ва кескин камаяди | |
Метанга кўпроқ ўрин ажратилмоқда 2017–2019 йилларда 800.447 автомобини сиқилган табиий газ асосида ишлашга ўтказиб, 178та автомобилга газ тўлдирувчи компрессор станциялари (АГТКС) қуриш режалаштирилмоқда. Маълумки, станциялар аксарият ҳолларда метан сотишади. Бу режаларни амалга ошириш учун АГТКСлар жойлашган ҳудудларда «бир дарча» принципига кўра автотранспортларга газ баллон ускуналарини харид қилиш ва ўрнатишни рағбатлантириш учун имтиёзли кредитлар ҳам ажратиш таклиф этилмоқда. Мавжуд суюлтирилган нефть гази (босим остида суюлтирилган асосан пропан, изобутан ва н-бутандан иборат енгил углевородородлар) сотувчи автомобилларга газ қўйиш шохобчалари (АГҚШ) босқичма-босқич АГТКСга айлантирилади. 2017 йил 1 декабрдан бошлаб эса АГҚШлар учун ер ажратиш тугатилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик техникасини ҳам босқичма-босқич газга ўтказади. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ тузилади ва 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб кўчма АГТКСлар яратиш кўзда тутилган. Газ баллон ускуналари ҳам текширилади Қайд этиш жоизки, сиқилган табиий газ ва нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғида ишловчи автотранспорт воситаларининг умумий техник регламентига кўра, Ўзбекистонда 2015 йилдан буён қуйидаги типдаги баллонларни ўрнатиш тақиқланган: СПГ-2 – металл корпусли, цилиндрсимон қисми (ҳалқасимон қилиб ўралган) жгут ипи билан кучайтирилган; СПГ-3 – металл корпусли, бутун корпуси смолаланган жгут ипи билан кучайтирилган (тўлиқ ўралган); СПГ-4 – смолаланган жгут ипи билан нометалл корпусли (тўлиқ композит материалдан). Энди 2018 йил 1 февралдан эътиборан СПГ-2, СПГ-3, СПГ-4 типидаги баллонларга автотранспорт воситаларини эксплуатация қилиш тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, агар завод комплектацияси бузилган бўлса СПГ-1 типидаги баллонлар ҳам тақиққа учрайди. Бу ҳол Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси, 5-қисмига кўра 5 ЭКИҲ миқдорида жарима қўллаш билан жазоланади. Агар бу ўртача оғирликдаги тан жароҳати ёки ўта оғир оқибатларга сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 266-моддасига кўра жиноий жавобгарликка тортилади (максимал жазо — 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш). Шуниси эътиборлики, бу тақиқ «MAN А 22 СNG» русумидаги автобусларга жорий этилмайди. Бундан ташқари, автотранспорт воситаларидаги газ баллон ускунасининг техник ҳолатини назорат қилишни реал вақт режимида (онлайн) амалга ошириш мўлжалланмоқда. Самир Латипов.
Manba: "kun.uz"
| |
|