Инсон умри давомида қанча-қанча одамлар билан учрашади, қўллар, йўллар бирлашади, айро тушади. Ажабки, кўнгилда бир умр сақланиб қоладигани жудаям кам бўлади.
Қўлга қалам олиб, энг инжа, самимий туйғулар қоғозга тўкилса, дил тубида асраб-авайлаб келаётганингиз изҳорнинг соҳиби ана шу кўнгилга яқинлар бўлади. Туйғулар мактуб шаклига кириб, ўшал яқинингизга етиб боришидан умидвор бўласиз. Аммо мен кечикдим. Кечикиб қолдим. Ҳаётимнинг энг гўзал дамлари, шу даражага етганим учун Сизга миннатдорлик билдиришга улгуролмадим. Сизга ёзган мактубимни беролмадим... Мана ўша мактуб:
“Ассалому алайкум, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!
Сиз Ўзбекистон ёшларини жонингиздан ортиқ яхши кўрасиз. Қаерда, қандай анжуман бўлмасин, ёшлар ҳақида ғурурланиб гапирасиз. Соғлом ва бўйчан, кўзлари ёниб турган ўғил-қизларни кўрганда ҳаммадан кўп хурсанд бўласиз.
“Сизлар учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун бутун борлиғимни бағишлашга ҳам тайёрман. Маррани доимо баланд қўйиб яшанг, азиз болаларим, давр бизники, марра бизники!” дедингиз. Бунчалар юксак ишончингиз, қалбингиздан тошган меҳрингиз гоҳи ҳайратга солса, гоҳи уятдан бошимизни эгиб қўяди. Оқлоляпмизми ўзи? Биздан кўнглингиз тўляптими?
Жавобини биламан. Ҳаммаси аён. Лекин Сиз барибир бизнинг, фарзандларингизнинг айбига кўз юмаверасиз. Меҳрингиз, ишончингизни бир дам сусайтирмайсиз. Бизга қанот бағишлайсиз. Ёш бўла туриб, ғайрат-шижоатни Сиздан оламиз. Эртанги кун бизники эканидан масъулият туямиз. Қарздорлик, жавобгарлик ҳисси бизни мудом ҳаракатга, кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишга ундайди.
Биз Сизнинг фарзандингизмиз. Сизнинг болаларга, ёш авлодга эътиборингиз оғушида камолга етяпмиз. Сизга муносиб бўлиш – Сизга ўхшаб Ватанни севиш, уни ҳимоя қилиш, дунё илмларини билиш, комил инсон бўлишга интиламиз. Ишонинг. Бу сўзлар бир қизингизнинг Сизга ваъдаси”.
Ваъда беришга шошилган эканман. Мудҳиш ва муқаррар кун келишини қаёқдан билай. Бирдан хазинамнинг ярми бўшаб қолди. Кўнгилдагиларни қоғозга туширмоққа-да юрак ёр бермади, татимади, сиғмади. Сиз дунёга сиғмаган палла бундай сўзлар юракка сиғармиди?! Вақтнинг даволаши ёлғон экан-да. Хотиранинг, муҳаббатнинг изини вақтдек қудратли куч ҳам ўчиролмаса! Хаёлимдан ўтаётгани фақат шу сўзлар:
“Бобожон, энг оғири ва уятлиси ожизлик экан. Билиб, сезиб, ўртаниб, жонингни бергиларинг кеп кетаркан-у, тақдирга тан беришдан, сукут сақлашдан ўзга чоранг қолмагани... Биринчи марта шифокорлик касбини танламаганимга ич-ичимдан афсусландим. Сизнинг жонингиз мен ожизнинг чекига тушиб қолмаган бўлса ҳам, қўлимдан ҳеч иш келмай, томошабингина бўлганимдан қанчалар уялаётганимни, армонда қолганимни билсангиз эди. Бу кечинмалар бутун ўзбек халқининг кўнглидан кечаётганига шубҳа қилмайман.
Ахир бирор киши йўқки, ота-онасининг, жон-жигарларининг, қадри баланд қадрдонларининг кун келиб уни мангуга тарк этиши ҳақида хаёллаган бўлса. Уларни сира ўлмайди, ҳамиша ёнимизда қалқон бўлиб туради, деб ўйлайди. Омонат экани сира ёдига келмайди. Шу сабабми уларни қадрлаш, меҳрига жавоб қайтариш, шодлик улашишни кейинга сураверади. Тўсатдан сира ўлмас деб ўйлаган кишиси омонатини топширади-ю, шунда кўзи очилади одамизотнинг.
Сиз бир дунё эдингиз. Мусаффо осмон, Сиз қурган бинолар, йўллар, машиналар, китоблар ва Сиз севган халқ – бутун Ўзбекистон Сизни эслатиб туради. Сизни Ўзбекистон дегим келади.
Бобожон, ранжисангиз ҳам, шу кунларда ҳисларим ақлимдан устун келаяпти. Таскин излаб, “Инсон ҳаётида шундай дамлар бўладики, шахсий дард-аламлар юки уни эзиб ташлайди, руҳий ёки жисмоний дарддан дунё қоронғу бўлиб кетади. Бундай пайтларда фақат катта юрак, букилмас ирода эгаларигина ўзини унутишга қодир бўлади”, деган ўгитингизни қайта-қайта ўқияпман.
Сизга айтмоқчи бўлган гапларим кўп эди. Ҳар гал нутқингизни тинглаганимда, “Ислом Абдуғаниевич! Қани энди ўзбекнинг барча йигитлари Сиздек мард, доно ва жасур бўлса эди! Ўзбекистон янада буюк бўларди!” деб кўнглимдан ўтказавераман.
Йўқ, Сиз барҳаётсиз! Қаёққа қарамайлик, Сизни кўрамиз. Ана, ўнг қўлингизни баланд кўтариб, кулиб турибсиз. Қиёфангиздан: “Эй, болам, сенинг Ватанинг битта – барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота-боболарингнинг хоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, ҳимоя қилишинг шарт. Нафақат сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти ҳам ана шу бурчингни нечоғлиқ адо этишингга боғлиқ”, деган маъно уқаман.
Яна бир суратингиздаги ўткир нигоҳга дош беролмай, кўзимни бошқа ёқларга олиб қочаман. “Барака топгур, нега ёнмайсан? Мен сенга ўхшаган ёшларга ишонганмидим Ўзбекистонимни?!” деган дакки эшитаётгандек бўламан. Қийналаман.
Панд-насиҳатларингиз қулоғим остида жаранглайди: “Мен ёшларимизга, менинг болаларимга қарата, ўрганишдан ҳеч қачон чарчаманглар, деб айтмоқчиман. Ўрганиш, интилиш ҳеч қачон айб саналмайди. Ниманидир билмасанг, уни ўрганиш зарур. Авваламбор, энди ҳаётга кириб келаётган ёшларга нима лозим? Ўрганиш, ўрганиш ва яна бир бор ўрганиш керак. Касб ўрганган, илм ўрганган киши, ўзбекона айтганда, ҳеч қачон кам бўлмайди”.
Ислом Абдуғаниевич! Ўрганамиз, интиламиз! Ҳеч кимдан кам бўлмаймиз! Сиз орзу қилган ёшлар майдонга чиққан. Миллионлаб қалбларга чўғ ташлаган Сўзингиз аланга олмоқда. Буёғи яқин, буёғига келажагимиз буюк бўлажак.
Севар Алижонова